Исроил илк бор БМТнинг жинсий зўравонлик бўйича қора рўйхатига киритилди

    • Author, Эмир Надер
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Исроил биринчи марта БМТнинг уруш ҳудудларида жинсий зўравонлик содир этган томонлар қора рўйхатига киритилди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш идораси тайёрлаган ҳисоботга кўра, ташкилот ўтган йили Исроил кучлари томонидан Ғазо ва Ғарбий соҳилдаги фаластинликларга қарши содир этилган 31 та жинсий зўравонлик ҳолатини тасдиқлаган. Уларнинг 13 таси 2025 йилга, 18 таси эса ундан аввалги икки йилга тўғри келади.

БМТ ҳисобот барча ҳолатларни қамраб олмаслигини, балки қайд этилган ҳодисалар ва улардаги муайян тенденцияларни акс эттиришини таъкидлади.

Исроил жинсий зўравонлик ҳақидаги айбловларни рад этиб, БМТ Бош котиби идораси билан алоқаларни тўхтатиш ниятида эканини билдирди.

Исроилнинг БМТдаги элчиси Дaнни Данон (пайшанба куни) Гутеррешни "антисемитик ёлғонларни тарқатишда" айблади. Исроилнинг БМТдаги миссияси эса Гутерреш халқаро ташкилот раҳбари лавозимида қолар экан, унинг идораси билан мулоқот қилмаслигини билдирди.

Ҳисоботга кўра, БМТ тасдиқлаган ҳолатлар 14 нафар эркак, етти нафар аёл, тўққиз нафар ўғил бола ва бир нафар қиз болага нисбатан содир этилган.

Унда Исроил армияси, полицияси ва жазони ижро этиш тизими ходимлари томонидан зўрлаш, гуруҳ бўлиб зўрлаш, мажбуран яланғоч қилиш ҳамда жинсий аъзоларга тажовуз қилиш каби зўравонлик ҳолатлари содир этилгани айтилган.

БМТнинг билдиришича, масалани тўлиқ текширишга қаратилган ҳаракатларга Исроил ҳукумати тўсқинлик қилган. Шунингдек, зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар берилмаслиги учун маҳбусларга таҳдид қилинган.

Ўтган йили ҲАМАС ҳам БМТнинг "Можаролар билан боғлиқ жинсий зўравонлик" ҳақидаги ҳисоботига киритилган эди.

БМТнинг маълум қилишича, Ғазода гаровда тутилиб озод этилган 12 киши ҲАМАС қўлида бўлган вақтда жинсий зўравонликка учраганини айтган.

Бироқ ташкилот мазкур даъволарни мустақил равишда тасдиқлай олмаганини билдирди. БМТга кўра, Исроил ҳукумати текширув ўтказиш учун ташкилотнинг тегишли органларига кириш имконини бермаган.

Гутеррешнинг айтишича, ўшанда Исроилга "огоҳлантириш" берилган ва кўплаб айбловларни текшириш ҳамда фаластинлик маҳбусларни сақлаш шароитларини яхшилаш бўйича чоралар кўришга чақирилган.

Шундан буён бир қатор шов-шувли ишлар фаластинлик маҳбусларга нисбатан жинсий зўравонлик тизимли тус олган бўлиши мумкинлигига ишора қилган.

Кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолатлардан бирида Сде Тейман сақлаш муассасасида Ғазодан келтирилган маҳбусга нисбатан жинсий зўравонлик қилаётгандек кўринган беш нафар исроиллик қўриқчи сиздирилган видеокузатув тасвирларида кўринган.

Кейинчалик уни текширган шифокор эркакнинг тўғри ичагида мазкур даъволарни тасдиқловчи жароҳатлар борлигини аниқлаган. Иш халқаро миқёсда катта эътибор қозонганига қарамай, жорий йил март ойида Исроил армиясининг бош ҳуқуқшуноси қўриқчиларга нисбатан қўйилган айбловларни бекор қилган.

Ўтган декабрь ойида икки нафар фаластинлик эркак BBC'га Исроил сақлаш муассасаларида маҳбус бўлган вақтда қийноқларнинг бир қисми сифатида жинсий зўравонликка дуч келганини даъво қилган.

Ўша пайтда Исроил қамоқхоналар хизмати BBC'га у "қонунга тўлиқ мувофиқ" ишлаётганини ва мазкур даъволардан хабардор эмаслигини айтган.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси ўтган ноябр ойида Исроил қамоқхоналаридаги фаластинлик маҳбусларга нисбатан "ташкиллаштирилган ва кенг кўламли қийноқ ҳамда номақбул муносабат де-факто давлат сиёсатига айланганини кўрсатувчи хабарлар"дан қаттиқ ташвишда эканини билдирган.

Қўмитага кўра, бу каби айбловлар 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС бошчилигидаги ҳужумлардан кейин кескин кучайган.

Яқинда New York Times нашри жинсий зўравонликдан жабрланган 14 нафар фаластинликнинг гувоҳликлари асосида тайёрлаган ҳисобот ҳам Исроил ҳукуматида кескин норозилик уйғотди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва ташқи ишлар вазири Гидеон Саар қўшма баёнотда New York Times нашри устидан туҳмат бўйича даъво қўзғатишларини маълум қилди. Улар мазкур ҳисоботни "замонавий матбуотда Исроил давлатига қарши чоп этилган энг жирканч ва ҳақиқатни бузиб кўрсатган ёлғонлардан бири" деб атади.

Ғазодаги уруш давомида бир қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроил ҳарбийлари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг йўқлиги ва уларнинг жазосиз қолаётганини танқид қилиб келмоқда.

Ўтган йили Action on Armed Violence (Қуролли зўравонликка қарши ҳаракат) тадқиқот ўтказувчи ташкилот Ғазодаги уруш бошланганидан бери аскарлар томонидан содир этилган эҳтимолий жиноятлар бўйича Исроил олиб борган текширувларнинг қарийб ҳар ўнтасидан тўққизтаси айбдор аниқланмасдан ёки якуний хулосага келинмасдан ёпилганини маълум қилди.

Ташкилот маълумотига кўра, ўрганилган 52 та ишдан фақат биттаси қамоқ жазоси билан якунланган.

Исроил армияси эса ҳисоботга жавобан, ҳарбий операциялар давомида содир бўлган ва қонун бузилган бўлиши мумкинлиги ҳақида шубҳа туғдирган алоҳида ҳолатлар юзасидан текширув ва суриштирувлар ўтказилишини билдирди.

Армиянинг қўшимча қилишича, ҳуқуқбузарлик содир этилганига асосли шубҳа мавжуд бўлганда, Исроил қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ бўйича мажбуриятларига мувофиқ жиноий тергов очилади.

Россия кучлари ҳам қора рўйхатга киритилди

Шу билан бирга, Россия қуролли кучлари ва хавфсизлик тузилмалари ҳам биринчи марта БМТнинг мазкур қора рўйхатига киритилди. БМТ уларни Украинадаги уруш давомида ҳарбий асирлар ва қўлга олинган оддий фуқароларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этганликда айбламоқда.

Ҳисоботга кўра, Россия ва Россия назорати остидаги Украина ҳудудларида можаро билан боғлиқ 310 та жинсий зўравонлик ҳолати аниқланган. Улар орасида зўрлаш ва жинсий аъзоларга шикаст етказиш ҳолатлари ҳам бор. Бу ҳолатлардан жабрланганлар орасида 280 нафар эркак, 26 нафар аёл ва тўрт нафар қиз бола бўлган.

Россия Украинага қарши кенг кўламли босқинни 2022 йил феврал ойида бошлаган эди.

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига ҳисоботни олқишлаб, уни "ҳақиқат ва жавобгарлик сари оғриқли йўлдаги муҳим қадам" деб атади. Россия томони ҳозирча бу ҳисобот юзасидан очиқ изоҳ бермаган.